Шайтон ҳақида қуръондаги маълумотлар
Шайтон ҳақида кўп нарса эшитганмиз. Уни гапирмайдиган одамни ўзи йўқ. У ҳақида оз бўлсада маълумот эшитмаган одамни ўзи йўқ. Қадимдан турли халқларда ривояту афсоналарда унинг образи ёвузлик мисолида шакллантирилади. Унинг шахсиятига доир турли хил файласуфларнинг қатор назариялари мавжуд. Шу билан бирга уни мавжудлигини инкор қилувчилар ҳам бор.
Унинг борлигини тан олувчилар уни дунёдаги барча ёмонлик ва мусибатларга ва жиноятларга асосий сабабчи деб ҳисоблашади. У ҳақида барча динларда озми кўпми маълумотлар берилган. Жумладан қуръони каримда ҳам у ҳақида, деярли ҳар бир сурада, турли шаклда қатор маълумотлар берилади. Биз бу мақолада айни шу махлуқ ҳақида қуръони каримда қандай маълумотлар берилганлигини ўрганамиз. Шайтон деганда, ўша Иблисдан ташқари яна кимларни назарда тутилганига эътибор қаратамиз.
Шайтон жаннатдан қувилган махлуқдир
Шайтон инсон яратилишдан олдин яратилган махлуқлардан ҳисобланади. Инсонлардан олдин синов дунёсида жинлар яратилганди. Улар асли оловдан яратилгандир. Шайтон номини олган жин эса, жаннатда фаришталар орасида эди. Ўша пайтда Аллоҳу Таъоло Одам алайҳиссаломни яратди. Фаришталарга Одамга сажда қилишга буюрди. Улар сажда қилдилар ва Иблис сажда қилмади ва шу сабабли жаннатдан бадарға қилинди. Бу воқеъа қуръони каримда қатор сураларда зикр қилинади.
«Аниқки, Биз сизларни яратдик, сўнг сизларга сурат бердик, сўнгра фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», дейишимиз билан улар сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилгувчилардан бўлмади. (Аллоҳ) деди: «Сенга буюрган пайтимда нима сени сажда қилишдан тўсди?» «Мен ундан (Одамдан) яхшироқман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», деди у. (Аллоҳ) деди: «У ҳолда ундан (жаннатдан) тушгин! Сен учун унда кибру ҳаво қилиб юриш жоиз эмас. Бас, чиқ! Албатта сен хор бўлгувчилардандирсан!» «Менга улар тириладиган Кунгача (қиёматгача яшаш учун) муҳлат бер», деди у. (Аллоҳ) деди: «Сен муҳлат берилганлардансан».
У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг тўғри йўлинг устида уларни кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнгу сўлларидан келиб (тўғри йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан».
(Аъроф сураси 11 дан, 17 гача оятлар)»
Инсоният ҳаётининг бошланиш палласидаги бу воқеъа, туфайли Иблис жаннатдан қувилади ва шу сабабли Одам алайҳиссаломга ва унинг зурриётига душман бўлиб қолади. Бу душманликни у ўша пайтдаёқ бошлайди. Унинг васвасаси туфайли Одам алайҳиссалом ва унинг жуфти Ҳавво ҳам жаннатдан ерга туширилади. Бу воқеъа қуръони каримда шундай зикр қилинади.
«Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб — кофирлардан бўлди. Ва айтдик: «Эй Одам, сиз жуфтингиз билан жаннатни маскан тутинг ва ундан хоҳлаган жойларингизда бемалол таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қоласиз». Бас, уларни шайтон йўлдан оздириб, масканларидан чиқарди ва айтдик: «Тушингиз (жаннатдан ерга)! (Сизлар) бир-бирингизга душмансиз. Энди маълум вақтгача (ажалларингиз етгунча) Ерда маскан тутиб яшайсиз».»
(Бақара 34,35,36 оятлар)
Айни воқеъа туфайли шайтон ва Одамзод бир бирига душман бўлишди. Бу душманлик то дунё ҳаёти тугагунича давом этадиган душманлик эди. Чунки, унга то қиёматгача яшашга муҳлат берилганди. Бошқа жинлар туғилиб маълум муддат яшаб ўлиб кетишади. Лекин, Иблис ўлмайди. Иблиснинг вазифаси Одам авлодини адаштиришдан иборат эканлиги ва унга эргашмаслик лозимлиги қуръонда қайта қайта зикр қилинади.
Эсланг, Биз фаришталарга Одамга сажда қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (кибру ҳаво билан): «Сен лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?» деди. У (яна шундай) деди: «Менга хабар бергин-чи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки, агар Сен мени Қиёмат кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта, мен унинг зурриётини қириб юборурман, яъни, ҳақ йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман, магар озгиналаригина (ҳақ йўлда) қолурлар». (Аллоҳ) айтди: «Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим) Бас улардан ким сенга эргашса, У ҳолда, шак-шубҳасиз, жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур! Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкарингни) торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қил». Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур. «Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устига эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик бўлмас. Парвардигорингнинг Ўзи етарли қўриқловчидир».
(Исро сураси 61дан 65гача оятлар)
қуйидаги оятларда ҳам айни масала қайта такрорланган.
«Эсланг, (эй Муҳаммад), фаришталарга Одамга таъзим қилинг, дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари)» Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст турурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Аллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал ўринбосардир».
(Кахф сураси 50 оят)
Юқоридаги оятлар мазмунидан билдикки, шайтон бу дунёда Одам авлодларини тўғри йўлдан адаштиришни истайди. Ва бу дунёдаги инсонлар унга эргашмасдан пайғамбарлар олиб келган таълимотга эргашишлари лозимдир. Шайтонга эргашсалар йўлдан адашадилар. Лекин. Улар ўзларини адашганлигини билмасликлари ва тўғри йўлдамиз деб ўйлашлари мумкин. Шуниси диққатга сазовордир.
Адашган кимсалар ўзларини адашганлигини, жаҳаннам эгалари бўлиб қолганидагина биладилар.
Ким Раҳмон эслатмасидан кўр бўлиб олса, юз ўгирса, Биз унга шайтонни яқин қилиб қўюрмиз, бас у ўша (кимсага) ҳамроҳ бўлур. Шак-шубҳасиз (шайтонлар) йўлдан тўсурлар, ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар. То қачон Бизнинг ҳузуримизга келгач, (ўзини Тўғри йўлдан оздирган шайтонга қараб): Орзу эди, мен билан сенинг ўртанг Шарқу Ғарбнинг ўртасидаги масофа (каби йироқ) бўлса. Бас (сен), нақадар ёмон ҳамроҳдирсан, дер.
(Зухруф сураси 36, 37, 38 оятлар)
Шайтон қандай адаштиради?
Юқоридаги оятларда шайтон адаштирувчи эканлигини ва энг аввал адаштиргани Одам алайҳиссалом эканини билдик. Шайтон мўмину кофирни адаштирувчи махлуқдир. Жин ва инсонларни ҳам адаштирувчи махлуқдир. Чунки, инсон ва жин фитратида нафс бор. Нафс шайтоннинг инсон ва жин қалбига йўл топадиган воситасидир. Нафс эса, ейиш, ичиш, ухлаш, жинсий лаззат олиш, кўриш ва эшитиш, таъм билиш ва ҳидлаш каби жасаднинг узвий эҳтиёжларини қондириш эҳтиёжидир. Булардан ташқари, нафснинг руҳий эҳтиёжи бор. Бу ибодат қилиш истагидир. Шуларни қондиришда, шариат белгилаган мезон бўлса, нафс эҳтиёжлари шу мезон асосида қондирилса, бу тўғри йўлдир. Ислом талаб қиладиган йўл шудир.
Шу эҳтиёжлар шаръий мезондан ташқарида қондирилса, бу шайтон васвасасига алданишликдир ва бу адашишдир. Кураш айни шу нафсоний эҳтиёжларни қандай қондиришдан иборатдир. Дунё ҳаёти синови ҳам айни шудир.
Аллоҳнинг кўрсатган мезонига амал қилувчилар, нафсоний истакларни гарчи нафси васваса қилсада, ва гарчи имкону шароитлар топилсада, барибир шаръий мезонга мувофиқ қондирадилар. Ана ўшалар тақводорлардир. Бу мезонга амал қилмайдиганлар шайтонга эргашган ва йўлдан озган кимсалардир.
(Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)». (Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги Тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)». У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз, жаҳаннамдир.
(Хижр сураси 39 дан 43 гача оятлар)
Нафсга эса, тақво ҳам, фисқ ҳам илҳом қилинади. Яъни, ҳар бир одамнинг нафси у ё, бу гуноҳ ва фисқ амални қилишга мойил бўлади. Шунингдек, нафс тақвога ҳам мойил бўлади. Инсон зоти ана шу икки мойиллик орасида умр ўтказади. Баъзида, яхши амаллар қилади. Баъзида эса, айни шу яхши амаллар қилган одамдан ёмон амаллар содир бўлади. Чунки, инсон табиати шундай яратилган.
Жонга ва уни расо қилиб-яратиб унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб — ўргатиб қўйган зотга қасамки. Дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини — жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди.
(Шамс сураси 7, 8, 9, 10 оятлар)
Нафс эҳтиёжларидан бири ибодат қилиш дедик. Инсу жин бу эҳтиёжни қондиришга мажбурдир. Айни шу эҳтиёжни қондиришда аллоҳу Таъоло нозил қилган ваҳйга асосан қондирса, яъни, Аллоҳни яккалигини таниб, Унинг Ўзигига ибодат қилса, бу тўғри қондиришликдир ва ҳидоятдир.
Ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. У сизларни ҳеч шак-шубҳасиз бўлган қиёмат кунида тўплайди. Аллоҳдан кўра ростгўйроқ ким бор?! (Нисо 87 оят)
Агар бошқа нарсаларни илоҳ қилиб олиб, ўша нарсаларга ибодат қилишса, бу шаръий мезонни бузилишидир ва залолатдир. Шариат нозил бўлиши сабаби ҳам, шу адашганларни тўғри йўлга йўллашдир.
Аллоҳ сизларга шариат ҳукмларини баён қилишни, сизларни илгари ўтган (ҳақ йўлдаги) зотларнинг йўлларига ҳидоят қилишни ва тавбаларингизни қабул қилишни истайди. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир.
Шайтон Одам авлодини Аллоҳга ибодат қилишларини истамайди. Шу сабабли бошқа сохта илоҳларга ибодат қилишга васваса қилади. Шу сабабли, инсоният тарихида сохта илоҳлар жуда кўп бўлган. Бугун ҳам етарлича топилади.
Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишлик масаласи Иблис билан Пайғамбарлар орасидаги ва куфр билан имон орасидаги асосий курашдир. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилувчиларни қуръонда Аллоҳу Таъоло «ўз ҳавои нафсини илоҳ қилиб олган» деб атайди.
Хабар беринг-чи, ким ҳавои нафсларини илоҳ килиб олган бўлса, сиз унинг устида вакил-қўриқчи бўлурмисиз?! Шунингдек, ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар бир-бирларини алдаш учун гўзал сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Парвардигорингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар. Бас, уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг! Ундай сўзларга охиратга ишонмайдиган кимсаларнинг диллари мойил бўлиши учун ва ўша сўзларга рози бўлишиб, ўзлари қилмоқчи бўлган гуноҳларини қилишлари учун ( васваса қиладилар).
(Анъом сураси 112, 113 оятлар)
Бу имон ва куфр масаласида адашиш, имондан жуда бўлишга олиб келади. Нафснинг бошқа истакларида шайтонга эргашиш эса, гуноҳкор бўлишга сабаб бўлади. Лекин, имондан чиқармайди. Аллоҳдан ўзгага ибодат қилиш ширкдир. Бу Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳдир.
Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, бас, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди.
(Нисо сураси 48 оят)
Зино қилишлик кабира гуноҳдир. Лекин, зинокор кофир дейилмайди. Бу иккала гуноҳни, яъни, ширкни ва зинони қилган кимса. Шубҳасиз шайтонга эргашган бўлади. Бириси нафсининг руҳий эҳтиёжини қондиришда, бошқаси жинсий эҳтиёжини қондиришда шайтонга эргашди. Биттаси агар аввал мўмин бўлса, имондан ажралади. Иккинчиси, кабира гуноҳ қилган бўлади.
Бу ерда диққат қилиш лозим бўлган нуқта шуки, ҳар қандай тақводор одамда нафси бор. Демак, у ҳам гуноҳ қилишга мойил. Ва баъзида қилади ҳам. Тақводорлар гуноҳ қилмайдиган кимсалар эмас, балки, қилган гуноҳига тавба қилувчи кишилардир. Лекин, улар имкон қадар нафсини тийишга ҳаракат қиладиган ва гуноҳ амаллардан қайтишга уринадиган кимсалардир. Ана шу уларнинг тақвосининг белгисидир. Жаннат ҳам айни шундай амалнинг мукофотидир.
Энди ким Парвардигорининг (ҳузурида) туришидан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, У ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур.
(Нозиёт сураси 40, 41 оятлар)
Қуйидаги оятларда эса, Юсуф айлаҳиссаломнинг Зулайҳога мойил бўлганликлари зикр қилинади.
У (Юсуфни) уйида бўлган аёл (яъни, Зулайҳо) уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб «келақолгин», деганида, (Юсуф) айтди: «Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни, эринг) менга яхши жойлар берган ҳожам-ку! Албатта, золим кимсалар асло нажот топмаслар». Ҳақиқатан, (Зулайҳо) мойил бўлди. Юсуф) ҳам унга (Зулайҳога) мойил бўлди. Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида,(гуноҳкор бўлиб қолиши мумкин эди) Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни, бурҳон кўрсатдик). Зеро, у покиза бандаларимиздандир.
(Юсуф сураси 23, 24 оятлар)
Муфассирлар бу оят тафсирида, «Юсуф айлаҳиссаломнинг Зулайҳога мойил бўлиши, унинг нафсоний фитратидан эканлигини ва бу ҳар қандай эркак кишига хос сифатлигини зикр қилиб, мойил бўлмаслик эркаклик нуқсони бўлар эди» деган, фикрлар билдиришган. Синов гуноҳга мойил бўлмасликда эмас, балки, мойил бўлиб, шу амалдан тийилишликдадир. Исломдаги қайтариқлар бари шу нарсаларни табиати ёмон кўриб тарк этишликни эмас, балки, табиати истаган ҳолда тарк этишни талаб қилади. Нафс ана шундай истакларга мойил бўлгувчидир. Бу унинг сифатидандир.
Қуръони каримда Юсуф алайҳиссалом тилидан шундай дейилади; «Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса — албатта барча ёмонликларга буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». (Юсуф сураси 53 оят)
Инсон тўғри йўлдан адашар экан, албатта, ана шу нафсининг истакларини қондириш йўлида залолатга кетади. Айни шу масалада шайтон унга турли нарсаларни васваса қилади. Айтиш мумкинки, инсон фитратидаги нафс бу шайтон қўлидаги тизгиндир. Бу тизгин орқали шайтон инсон устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Албатта, бу бирданига бўлиб қолмайди. Узоқ муддат давомида оз оздан нафс тизгинини қўлга киритган шайтон инсон устига ҳоким бўлади. Инсон унинг айтганидан чиқолмайдиган бўлиб қолади. Оқибатда охири вой бўлади. Қуръони карим эса, шу аҳволга тушиб қолмасдан илгари тавба тазарру қилиб покланишга чақиради.
Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар — кўрар. (Нисо 110 оят)
Лекин тавба тазаррусиз ўтиб кетган кимсалар охиратда зиён кўрувчилардан бўлади. Азалдан шундай бўлиб келган ва то қиёматгача шундай бўлиб қолади. Шу сабабли, қуръони каримда Аллоҳу таъоло ўз адашган бандаларига қиёматда қандай хитоб қилишини хабарини беради;
Мен сизларга «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?! Аниқки (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл юритгувчи бўлмадингизларми?!
(Ёсин сураси 60, 61, 62 оятлар )
Бу оятларда ҳали тирик, дунёда тинч омон яшаётган одамларга эслатма ва огоҳлантиришлик бордир.
Жинлар орасидаги шайтонлар
Қуръони Каримда Одам алайҳиссаломни алдаб жаннатдан чиқишига сабаб бўлган жин Иблисни, кейинчалик қиёматгача яшаш муҳлати берилиб, шайтонга айлангани юқоридаги оятлар шарҳида зикр қилинган эди. Бу қисмда Иблисдан бошқа, шайтон номига эга, кимсалар кимлар эканлигини ўрганамиз. Ўзи бу дунёда синов имтихон учун яратилган махлуқлар, қуръон гувоҳлигига кўра, айнан жинлар ва инсонлардир. Бу оят шунга далилдир.
«Жин ва инсонни фақат Менгагина ибодат қилишларит учунгина яратдим».
(Зариёт сураси 56 оят)
Жинлар инсонлардан олдин яралганди. Уларни олдин адаштирувчи алоҳида махсус жин бўлгани ҳақида маълумот йўқ. Лекин, ўша пайтда улар ҳаммаси тақводор ибодатда бўлишганмас. Улар орасида бузғунчилик қиладиганлари ва ноҳақ қон тўкадиганлари бўлган. Уларга ўзларидан пайғамбарлар келгани айтилади. Инсоният яралгач, уларга ҳам инсонларнинг расулларидан бўлган баъзи пайғамбарларга эргашиш буюрилди. Муҳаммад алайҳиссалом инсу жинга расул бўлган эдилар.
«Албатта бизларнинг орамизда яхшилар ҳам бордир ва (шунингдек») орамизда ундоқ эмаслар (яъни ёмонлар) хам бордир. Бизлар (Қуръонни эшитишдан илгари) бўлак-бўлак йўлларда эдик. (Жин сураси 11 оят)
Одам Ато яралгандан кейин, шу жинлардан бўлган Иблис кофир бўлиб, шайтонга айланади. Айнан Иблис Одам Ато ва Ҳаво онамизни жаннатдан чиқишига сабаб бўлади. Бу ҳақида қуйидаги оятда шундай дейилади;
Эй Одам, сен эса жуфтинг (Ҳавво) билан жаннатни маскан тутиб, хоҳлаган жойингиздан таомланинг. Фақат мана бу дарахтга яқинлашмангки, у ҳолда золимлардан бўлиб қолурсиз. Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: «Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди», деди. Ва уларга: «Албатта мен сизларга холисларданман», деб қасам ичди. Бас, алдов билан уларни (тубан ҳолатга) тушириб қўйди. Ўша дарахтдан тотиб кўришлари биланоқ авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. (Шунда) уларга Парвардигорлари нидо қилиб : «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва албатта шайтон сизларнинг очиқ душманингиз демаганмидим?! (деди) »
(Аъроф сураси 19 дан 22 гача оятлар)
Иблис энди ўз қавмидаги жинларни кўпларини ўзига эргаштириб, ўзи каби, адаштирувчи шайтонга айлантирди. Энди шу жин ва инсон зотидан бўлган кимса, шайтонга эргашиб, кофир бўлса, у ҳам шайтон ҳисобланади. Шу маънода, шайтонлар ҳам жинлар ва ҳам инсонлар ичида бўлиши мумкин. Бундайларни шайтоннинг малайлари дейилади. Аллоҳу Таъоло шундай кимсалар борлигини хабарини бериб айтади;
Эй Одам болалари, шайтон Оталарингизнинг авратларини ўзларига кўрсатиш (яъни, уятли аҳволга солиб қўйиш) учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқаргани каби, сизларни ҳам алдаб қўймасин! Чунки у ва унинг малайлари сизларни ўзингиз билмайдиган тарафдан кўриб турадилар. Албатта Биз шайтонни иймонсиз кимсаларга дўст қилиб қўйганмиз. (Аъроф сураси 27 оят)
Юқоридаги оятда шайтоннинг ўзи ва унинг малайлари сизларни кўриб туради дейилган. Яъни, шайтон катта куч қувватга эга бўлган жиндир. Жинлар ичида кофирлари ва мўминлари борлигини биламиз. Улар ичидаги кофир жинлар шайтонга эргашган ва ўзлари ҳам шайтонга айланган жинлардир. Унга эргашган жинлар яъни, унинг малайлари ҳам куч қудрат соҳиблари саналадилар. Шайтонларнинг ҳаммаси кофир ҳисобланади. Мусулмон жинларга шайтон дейилмайди. Ана ўша шайтон ва унинг малайлари инсонларга қараганда анчагина устунликларга эгадирлар. Лекин, улар бу куч қудратини мусулмон жинлар ва инсонларни йўлдан уриш учун ишлатадилар. Шунинг учун ҳам улар шайтон дейилади. Уларга қиёматда шу амаллари учун жазо берилиши қуръонда хабари берилади;
(Аллоҳ) уларнинг барчаларини тўплайдиган кунда: Эй жинлар жамоаси, инсонлардан жуда кўпини (адаштирдингиз), дер. Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: Парвардигоро, бизлар бир-биримиздан фойдаландик ва Ўзинг биз учун белгилаб қўйган ажалимизга етиб келдик, деганларида, Аллоҳ айтур: Жойингиз дўзахдир! Унда абадий қолурсиз, магар Аллоҳнииг хохиши билангина (чиқишингиз мумкин). Албатта, Парвардигорингиз ҳикмат ва билим соҳибидир.
(Анъом сураси 128 оят)
Юқоридаги оятда айни жинлар йўлдан урган инсонлар қиёматда дўзахга тушиши баён қилинмоқда.
Қуйидаги оятда ҳам шайтон итнсонга душман эканлиги эслатилади ва уни душман тутишга буюрилади; Аниқки, шайтон сизларга душмандир, бас уни душман тутинглар! Шак-шубҳасиз у, ўз фирқасини (яъни ўзига эргашган кимсаларни) дўзах эгалари бўлишлари учун даъват қилур.
(Фотир сураси 6 оят)
Инсонлар орасидаги шайтонлар
Инсонлар орасидаги шайтонлар ҳам кофир кимсалардан ташкил топади. Инсон шайтони гарчи, жин шайтони каби, куч қудратга эга бўлмасада, унга ҳам бошқаларни алдашлик ва адаштиришлик қобилияти берилган бўлади. Айтиш мумкинки, уларга ҳам «илм» берилган бўлади. Бу илм охират учун манфаати йўқ илмдир. Бу илм шу дунёда ҳам инсониятга манфаат келтирмайдиган илмдир. Илм агар инсониятга манфаат келтирмаса, у илм шайтоний илмдир. У илм шайтонга хизмат қилаётган илмдир. Уни устида ўтирганлар шайтонга қул бўлган кимсалардир. Шу туфайли улар ҳам шайтон бўлади. Чунки, у ўзидаги мавжуд ақл ва тафаккурини фақат залолатга ишлатади. Инсоният бошига балолар келтиради. Ўзини йўлини тўғри деб, ўйлайдиган ва тўғри йўлни кўришдан маҳрум кимса бўлади.
У (Аллоҳ) бир гуруҳни ҳидоят қилди, бошқа бир гуруҳга эса йўлдан озиш ҳақ бўлди. Чунки улар Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутиниб олганлар-да, яна ўзларини ҳидоят топгувчилар, деб ҳисоблайдилар.
(Аъроф сураси 30 оят)
Уларнинг ўзлари баъзида, Иблисга қуллигини англамаслиги мумкин. Кўплари яхши англашади. Фолбин ва сеҳргарлар шубҳасиз ўзларини кофир жинлар билан алоқа қилаётганлигини тушунишади. Тавҳид ақидасига зид ва ширкка олиб борувчи ҳар қандай дин, ақида, йўл бу шубҳасиз шайтон йўлидир. Бу йўллар барчаси жаҳаннамга олиб боради. Бу йўлларни ичида инсу жиндан бўлган шайтонлар бор. Ҳаммасини устидан Иблис назорат қилиб туради. Аллоҳ таоло «Шуаро» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Сизларга шайтонлар кимга тушишини айтиб берайми? Улар ўта уйдирмачи ва ўта гуноҳкорларга туширлар. Улар (шайтонларга) қулоқ осарлар. Ва уларнинг кўплари ёлғончилардир»
(Шуаро сураси 221-223 – оятлар)
Бундай кимсалар ҳақида, улар чорва ҳайвонларидан ҳам баттарроқ пасткаш эканлигини Аллоҳу Таъоло ўз китобида хабар берган;
Ёки сиз уларнинг кўплари (ҳақ сўзни) тинглай оладилар ё англай оладилар деб ўйлайсизми?! Улар ҳеч нарса эмас, чорва ҳайвонлари кабидирлар халос. Йўқ, улар янада йўлдан озганроқ кимсалардир! (Фурқон сураси 43, 44 оятлар)
Яъни, шайтонлар инсонлар ва жинлардан иборат махлуқотлардир. Аниқроғи улар инсу жинларнинг кофирларидир. Бу тоифа сафига мўмин жин ва инсонлар орасидаги фитначилар кирмайди. Яъни, имон эгалари ҳам у бу фитнага сабаб бўлиб қолишлари мумкин. Бу уларнинг ўзларини шайтон дегани эмас. Имон эгалари шайтон дейилмайди. Ўша шайтонлар васвасасига кўра, баъзан мўминлар орасида бахиллик, қўрқоқлик, адоват, кибр, кизб, қон тўкиш, шаҳватга берилиш, зино ва ўғирлик қилиш каби қатор кабира гуноҳлар содир бўлади. Бундай ҳолатда, ўша кишилар гуноҳкор дейилади.
Улар кофир ёки, шайтон дейилмайди. Шубҳасиз бу гуноҳлар ўша шайтон мўминларга ўз ҳукмини ўтказган пайтдагина содир бўлади. Баъзида эса, уларга бўйсунган мўминлар имондан ажралиб мушрик бўлиб қолиши мумкин.
Албатта, шайтонлар ўз дўстларини сизлар билан жанжаллашишлари учун васвасага солурлар. Агар уларга бўйинсунсангизлар, ҳеч шак-шубҳасиз мушриклардан бўлиб қолурсизлар.
(Анъом сураси 121 оят)
Бошқа бир оятда эса, шайтон ўз ҳукмронлигини ўтказа олмайдиган бандалар борлиги ҳақида хабар берилади.
(Иблис илтижо қилиб) деди: «Парвардигорим, у ҳолда менга улар қайта тириладиган кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин». (Аллоҳ) деди: «Бас, сен маълум вақтда (етиб келадиган) Кунгача (қиёматгача) муҳлат берилганлардансан». (Иблис) айтди: «Парвардигорим, қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли албатта уларга (Одам болаларига) ердаги (барча гуноҳ ишларни) чиройли кўрсатиб қўюрман ва албатта уларнинг ҳаммаларини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)». (Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги Тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)».
(Хижр сураси 36 дан 42 оятлар).
Бу оятларда Иблиснинг ўзи Одам авлодини йўлдан оздиришини айтаяпди ва Покиза бандаларни йўлдан оздира олмаслиги маълум қилаяпди. Иблис ҳам адаштира олмайдиган кишилар борлиги айтилди. Хўш, улар кимлар? Кейинги бўлимда шу мазмундаги оятларни мазмунларини шарҳи билан танишасиз.
Шайтон кимларни адаштирмайди?
Иблис Одам Атони ва унинг жуфтини йўлдан урганди. Одам Ато эса инсоният отасидир. Биринчи инсондир. Ундан ташқари шайтон жуда кўп одамларни адаштиргани қуръони каримда баён қилинади. Аллоҳу Таъоло шайтон фақат унга эргашган кимсаларни йўлдан оздиришини баён қилди. (Аллоҳ) деди: «Менинг зиммамдаги Тўғри йўл будир: аниқки, Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат — ҳукмронлик йўқдир, магар сенга эргашган гумроҳ кимсаларнигина (бу Тўғри йўлдан оздира олурсан)». (Хижр 42 оят)
Иблис ҳам қиёмат куни ўзига эргашганларга қарата шундай дейди;
«Иш битиб бўлганда шайтон: «Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим. Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз. Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг. Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар. Энди, мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан. Албатта, золимларга, ҳа, уларга аламли азоб бор», деди»
(Иброҳим» сураси 22 — оят)
Бу оятлар мазмунига кўра, шайтон ўзига эргашганларнигина йўлдан оздиради халос. Унга эргашмасликка эса, барча мўминлар буюрилганлар.
Аллоҳу Таъоло шайтон васваса қилганда унинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрашга буюради. Ҳатто, улуғ пайғамбарлар ҳам Иблиснинг ёмонлигидан Аллоҳдан паноҳ сўрашган.
Ва айтинг: «Парвардигорим, мен Сендан шайтонларнинг васвасаларидан паноҳ беришингни сўрайман. Яна мен Сендан (ё) Парвардигорим, улар менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ беришингни сўрайман».
(Муъминун сураси 97, 98 оятлар)
Агар сизни шайтоннинг васвасаси йўлдан урмоқчи бўлса, Аллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта, У эшитувчи, билгувчидир.
(Аъроф сураси 200 оят)
Мусо алайҳиссаломга хитобан Аллоҳу Таъоло шундай деб буюради;
Бас, сени (қиёматга) ишонмайдиган ва ҳавои нафсига эргашган кимсалар ундан тўсмасинларки, у ҳолда ҳалок бўлурсан. (Тохо сураси 16 оят)
Аллоҳу Таъоло Довуд алайҳиссаломга ўз ҳавои нафси(шайтон)га эргашмасликка буюради;
Эй Довуд, дарҳақиқат Биз сени ерда халифа қилдик. Бас сен (нафс) хоҳишига эргашиб кетмагин! Акс ҳолда у сени Аллоҳнинг йўлидан оздирур. Албатта Аллоҳ йўлидан озадиган кимсалар учун ҳисоб-китоб кунини (яъни Қиёматни) унутиб қўйганлари сабабли қаттиқ азоб бордир.
(Сод сураси 26 оят)
Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам яҳуд ва насороларга эргашмасликка буюрилади;
Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар. Айтинг: «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқий йўлдир». Қасамки, агар сизга қелган ҳақиқий билимдан кейин уларнинг нафс-ҳаволарига эргашсангиз, Аллоҳ тарафидан сизга на бир дўст ва на бир ёрдам бергувчи бўлмайди.
(Бақара сураси 120 оят)
Демак, юқоридаги оятдан биламизки, пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўрашга ва унга эргашмасликка буюрилганлар. Шайтонга эргашишлик ҳавои нафсга эргашишликдир. Яъни, Аллоҳ нозил қилган ваҳйни тарк этиб, у бу кимни ҳавосига эргашишликдир. Айни шундай қилишликдан пайғамбарлар қайтарилдилар. Ўзларига буюрилган каби истиқоматда бўлишга ва кофирларга итоат қилмасликка буюрилдилар.
Тақводор мўминларга ҳам шайтоннинг васвасасидан қутулиш учун Аллоҳни эслаш лозимлиги айтилади.
Тақво қилгувчи зотларни қачон шайтон томонидан бирон васваса ушласа, (Аллоҳни) эслайдилар, бас (тўғри йўлни) кўра бошлайдилар.
(Аъроф сураси 201 оятлар)
Демак, шайтон ўзига эргашган одамларнигина адаштира олади. Ва унга эргашмаган инсонларни адаштира олмас экан. Энди унга эргашмаслик қандай бўлади? Деган саволга жавоб излаймиз.
Шайтонга эргашиш деганда, шариатда гуноҳ эканлиги айтилган амалларни бажаришлик тушунилади. Гуноҳ ишни қилувчилар шайтонга эргашаётган одамлардир. Нафси васваса қилганида Аллоҳни эслаб, шу гуноҳдан тийилганлар шайтонга эргашмаган одамлардир. Бу эргашиш ва эргашмаслик баъзан инсон ўзи англамасдан содир бўлиши мумкин. Баъзида одам ўзини тўғри иш қилаяпман деб хато қилиши мумкин. Ёки аксинча.
Бундай ҳолатда мезон шариатдир. Ва инсон ниятидир. Бу нарса эса Аллоҳгагина аёндир халос. Шунинг учун инсон доим адашиш эҳтимолини ўзидан соқит қилмасликка маъмурдир. Хавф ва рижодан холи қалб бўлмаслиги шунинг учун шарт қилинди. Шайтон макридан васвасасидан холи бўлиш мушкил ишдир. Бунинг учун ҳам қуръонда кўрсатилган каби амаллар қилиш керак.
Айтинг: «Мен барча инсонларнинг Парвардигоридан, барча инсонларнинг Подшоҳидан, барча инсонларнинг Илоҳидан (менга) ўзи жин ва инсонлардан бўлган, инсонларнинг дилларига васваса соладиган, (қачон Аллоҳнинг номи зикр қилинганида) яшириниб оладиган васвасачи (шайтон)нинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман».
Бу сурани ўқиб шайтоннинг ёмонлигидан сақланиш мумкин. Шунингдек, инсон табиатида бўладиган ҳасад ва адоватни уйғотувчи нарсаларни ошкора қилмасдан, беркитишлик ҳам шайтон васвасасига йўл бермаслик учун қилишлик тавсия қилинади;
У (отаси Яъқуб) деди: «Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз айта кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар.Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир».
(Юсуф сураси 5 оят)
Исломда аёлларни авратларни беркитиб юришликка буюрилгани ҳам шу сабаблидир. Аёллар макри қаттиқ фитна эканлиги ва шайтон макри ундан заифлигига далил бор.
Шубҳасиз, шайтоннинг макри заифдир.
Нисо сураси 76 оят
Қуръони Каримда Юсуф алайҳиссаломга фитна қилган аёл Зулайҳонинг эри тилидан айтилган оятда шундай дейилади;
Энди қачонки (Зулайҳонинг эри Юсуфнинг) кўйлаги орқа томонидан йиртилганини кўргач: «(Эй аёллар-а), албатта бу (иш) сизларнинг макр-ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир».
(Юсуф сураси 28 оят)
Шайтон тузоғига тушмаган одамни ўзи бўлмаса керак. Инсон зоти борки, у бу даражада унинг васвасасига дучор бўлади. Асосийси эса, унга қул бўлиб қолмасликдир. Тавба қилиб ўзини ўнглаб олишликдир. Шайтонга қул бўлишликнинг энг олий кўриниши, бу диндан чиқиб кофир бўлишликдир. Шундай бўлиб ўлганлар ҳолига вой! Аллоҳу Таъоло шундайлар ҳақида хабар бериб айтади;
Албатта ўзларига ҳидоят (йўли) аниқ-равшан бўлганидан кейин яна ортларига (куфрга) қайтиб кетган кимсаларга (бу ишларини) шайтон чиройли қилиб кўрсатди ва улар учун (пуч орзу-хаёларни) узун қилиб қўйди.
(Муҳаммад сураси 25 оят)
Уларнинг мисоли шайтон кабидир. Эсланг, у инсонга «Кофир бўл», деган эди. Энди қачонки (инсон) кофир бўлгач, (шайтон унга) «Албатта мен сендан безорман. Зеро мен барча оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқурман», деди. Бас иккисининг (шайтон ва унинг сўзига кириб, кофир бўлган инсоннинг) оқибати дўзахга кириб, унда мангу қолишлари бўлди. Золим кимсаларнинг жазоси шудир!
(Ҳашр сураси 16, 17 оятлар)
Шайтон шубҳасиз инсоният душманидир. Шайтон мўмин инсу жинларга доимий адоват қиладиган махлуқдир. Шайтон лаънатлангандир. Унга то қиёмат кунигача барча мўминлар лаънат айтажаклар.
(Аллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган — малъунсан. Ва албатта то жазо (қиёмат) кунигача сенга (барчанинг) лаънати бўлур».
(Хижр сураси 34 ва 35 оятлар)
Ана шу малъун шайтоннинг васвасасидан барча мўминларни ва мени ва зурриётимни саломат сақлашлигини Роббимдан сўрайман.
Унинг васвасаси билан қилган хатою гуноҳларимга истиғфор айтаман.
Сўзимнинг охири оламлар парвардигори ёлғиз Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Расули ва бандаси Муҳаммад алайҳиссаломга саловоту саломлар бўлсин!