. Гуноҳи кабира қилиб юрганларнинг Исломий давлат тикланганидан кейинги ҳолати ҳақидаги саволга жавоб
Гуноҳи кабира қилиб юрганларнинг Исломий давлат тикланганидан кейинги ҳолати ҳақидаги саволга жавоб

Гуноҳи кабира қилиб юрганларнинг Исломий давлат тикланганидан кейинги ҳолати ҳақидаги саволга жавоб

Ижтимоий тармоқлардан бирида Muslim номли мухлисимиздан келган саволга жавоб.

Савол:

Ассалому алайкум, биродарларим ахволларингиз яхшими? Саволим бор эди, у қуйидагича: “Хозир биламизки, Ўзбекистонда фоҳишаларга ва оилали фоҳишаларга айтарли жазо йўқ. Ин ша Аллоҳ, ҳақиқий рошид Халифалик тикланса, буларга жазо қўлланадими, ёки кечириб келгуси ишларига қараладими? Зинокор эркакларгачи?”

Жавоб:

بسم الله الرحمن الرحيم

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا أَطِيعُوا اللَّهَ وَأَطِيعُوا الرَّسُولَ وَأُولِي الْأَمْرِ مِنْكُمْ ۖ فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ إِنْ كُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآخِرِ ۚ ذَٰلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلًا

“Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга итоат қилинг ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон бўлиб Аллоҳнинг ҳукмларини татбиқ қилаётган) ҳокимларга бўйинсунинг! Бордию бирон муаммога дуч келсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у муаммони Аллоҳга ва пайғамбарига қайтаринг! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”. (Нисо. 59)

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи. Яхши рахмат Аллоҳга шукр. Ушбу саволга жавоб беришда, мусулмонларни бугунги хорликдан яна ўзларининг аввалги азизликларига олиб чиқувчи ҳақиқий рошид Халифалик давлатларини яна ҳаётга қайтаришга бор имконияти билан ҳаракат қилаётган Ҳизб ут – Таҳрир сиёсий Исломий партиясининг “Халифалик давлат жиҳози” китобидан фойдаланган ҳолда жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Хилофат барпо бўлишидан олдинги битимлар, муносабатлар ва ҳукмлар

Хилофат барпо бўлишидан олдинги битимлар, муносабатлар ва ҳукмлар саҳиҳ ҳисобланиб, уларни Хилофат бекор қилмайди, уларни қайта қўзғаб ўтирмайди. Хилофат барпо бўлганидан кейин улар ҳақидаги даъволар қабул қилинмайди.

Фақат икки ҳолат бундан истисно қилинади:

1. Агар тузилган ва ижро этиб бўлинган битим давомли тарзда Исломга зид бўлган натижаларни бериб турса;

2. Агар масала Ислом ва мусулмонларга озор берганларга алоқадор бўлса.

Шу икки ҳолатдан бошқа Хилофат барпо бўлишидан олдин тузилган битимлар, чиқарилган ҳукмлар ва йўлга қўйилган муносабатлар ўз кучида қолади. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилиятдаги муносабатлар, битимлар ва ҳукмларни Ислом давлати барпо бўлганидан кейин бекор қилмадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳдан кейин ўз юртларига қайтмадилар. У зотнинг қариндошларига қарашли бўлган ҳовли-жойларни ўша пайтдаги Қурайш қонунлари бўйича Ақил ибн Абу Толиб мерос қилиб олган, ишлатган ва сотиб юборган эди. Улар орасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовлилари ҳам бўлган. Ўшанда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан, “Қайси ҳовлингизга тушасиз?”, деб сўрашганида, у зот

وَهَلْ تَرَكَ لَنَا عَقِيلٌ مِنْ رِبَاعٍ

“Ақил бизга яшайдиган жой қолдирибдими?”, деб жавоб берганлар. Яна бир ривоятда,

وَهَلْ تَرَكَ لَنَا عَقِيلٌ مِنْ مَنْزِلٍ

“Ақил бизга уй қолдирибдими?”, деганлар. Чунки у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовлиларини сотиб юборганди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу савдо битимини бекор қилмадилар. Бухорий Усома ибн Зайд йўлидан чиқарган ҳадисда мана бундай дейилган: “У фатҳ пайтида: Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, эртага қаерга қўнасиз? — деб сўради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам,

وَهَلْ تَرَكَ لَنَا عَقِيلٌ مِنْ مَنْزِلٍ؟

“Ақил бизга уй қолдирибдими?!” – деди”. Шунингдек, ворид бўлишича, Абу Ос ибн Робиъ мусулмон бўлиб, Мадинага ҳижрат қилгач, (унинг аёли Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Зайнаб бўлиб, эри мушрик ҳолида Маккада қолиб, ўзи Бадрдан кейин ҳижрат қилганди), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга хотини Зайнабни никоҳ битимини янгиламасдан қайтариб бердилар. Бу билан жоҳилиятда қилинган никоҳни тан олдилар. Ибн Можа ибн Аббос йўлидан чиқарган ҳадисда шундай дейилган:

أَنَّ رَسُولُ اللَّهِ رَدَّ ابْنَتَهُ — أَيْ زَيْنَبَ — عَلَى أَبْي الْعَاصِ ابْنِ الرَّبِيعِ بَعْدَ سَنَتَيْنِ بِنِكَاحِهَا الْأَوَّلِ

“Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларини, яъни Зайнабни икки йилдан кейин аввалги никоҳининг ўзи билан Абу Ос ибн Робиъга қайтариб бердилар”. Бу иш Абу Ос мусулмон бўлганидан кейин юз берди.

Энди Исломга давомли тарзда зид натижа берадиган битим борасида қайтадан иш қўзғатилишига келсак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом давлати бўлганидан кейин одамлар устида қолган рибони бекор қилдилар. Уларга сармоялари ўзларига бўлишини белгиладилар. Абу Довуд Сулаймон ибн Амрдан, у отасидан ривоят қилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажида шундай деганлар:

أَلا إِنَّ كُلَّ رِباً مِنْ رِبَا الْجَاهِلِيَّةِ مَوْضُوعٌ لَكُمْ رُؤُوسُ أَمْوَالِكُمْ لا تَظْلِمُونَ وَلا تُظْلَمُونَ

“Огоҳ бўлингларки, жоҳилият рибосидан бўлган ҳар қандай рибо бекор қилинди. Сармояларингиз ўзларингизники. Зулм қилмайсизлар ҳам, зулм қилинмайсизлар ҳам”.

Шунингдек, саҳобалар жоҳилият қонунига кўра, тўрттадан ортиқ хотинга ҳам уйланган эдилар. Ислом давлати вужудга келгач, фақат тўртта хотиннигина олиб қолиш вожиб қилинди. Термизий Абдуллоҳ ибн Умар йўлидан ривоят қилишича, Ғийлон ибн Салама Сақафий мусулмон бўлган пайтида унинг ўнта хотини бор эди. Улар ҳам Ғийлонга қўшилиб мусулмон бўлишди.

أَنْ يَتَخَيَّرَ أَرْبَعاً مِنْهُنَّ فَأَمَرَهُ النَّبِيُّ

“Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга хотинларидан тўрттасини танлаб олишни буюрдилар”.

Шунга биноан Исломга давомли зид таъсир қиладиган битимлар борасидаги гап шуки, Халифалик давлати бўлиши билан бу зид таъсирлар бартараф этилади. Зотан, шундай қилиш вожибдир.

Масалан, муслима аёл Исломдан олдин насронийга эрга теккан бўлса, Хилофат барпо бўлганидан кейин шариат ҳукмларига биноан бу никоҳ битими бекор қилинади.

Энди Ислом ва мусулмонларга озор берганларга алоқадор ишларни қайта қўзғатишга келсак, Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка фатҳ этилгач, жоҳилият пайтида Ислом ва мусулмонларга қаттиқ озор берган бир неча кофирларнинг — ҳатто Каъба пардаларига осилиб олишса ҳам — қонини тўкишга буюрдилар. Ҳолбуки, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари,

اَلْإِسْلامُ يَجُبُّ مَا قَبْلَهُ

“Ислом ўзидан олдинги ишларни кесади (яъни, кечиради)”, деганлар. Бу ҳадисни Аҳмад ва Табароний Амр ибн Осдан ривоят қилганлар. Яъни, Ислом ва мусулмонларга озор берган кимсалар бу ҳадисдан мустаснодир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан айримларини кечириб ҳам юбордилар. Масалан, Икрима ибн Абу Жаҳлни афв этдилар.

Шунинг учун халифа уларга қарши иш қўзғатиши ҳам ёки уларни кечириб юбориши ҳам мумкин. Бу иш мусулмонлар ҳақ гапни гапирганлари учун уларга озор берганлар ва Исломни айблаганларга тааллуқлидир. Уларга “Ислом ўзидан олдинги ишларни кесади (яъни, кечиради)” ҳадиси татбиқ этилмайди. Улар бу ҳадисдан истисно қилинадилар. Уларга қарши халифанинг раъйига қараб иш қўзғатилади.

Бу икки ҳолатдан бошқа битимлар, муносабатлар ва ҳукмлар эса, модомики тузилиб, ижро этилиб бўлган экан, ўз кучида қолади.

Масалан, бир киши мактаб эшикларини синдиришда айбланиб, икки йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва Хилофат барпо бўлгунига қадар бу жазони ўтаб бўлган бўлса, Халифалик барпо бўлганидан кейин мен ноҳақ қамалганман, деб қамаганлар устидан даъво қилса, унинг бу даъвоси қабул қилинмайди. Чунки масала устидан ҳукм қилиниб ва у ижро этилиб бўлган. Энди бу ёғи Аллоҳнинг ҳукмига ҳавола қилинади.

Лекин агар бир киши ўн йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва эндигина икки йиллик жазосини ўтаган пайтида Хилофат барпо бўлган бўлса, халифа бу ишни кўриб чиқиб ундан жазони бутунлай олиб ташлаши, натижада оқланиб қамоқдан чиқиб кетиши ҳам ёки халифа шу ўтаган жазо муддати етарли, деган эътибор билан уни озод қилиши ҳам ва ё унинг иши фуқарога манфаатли бўлган, айниқса шахслар ҳуқуқларига доир бўлган шаръий ҳукмлар асосида қайтадан ўрганиб чиқилиши ҳам мумкин.

Хулоса

Энди саволдаги ҳолатга ушбулардан келиб чиқиб қайтадиган бўлсак, хозирги вақтда куфрий қонунларда зино ва фоҳишалик каби оғир ва жирканч жиноятлар учун жазо йўқ экани ҳаммамизга маълум. Агар ҳақиқий рошид Халифалик давлати тикланса, ушбу жиноятларни давлат тикланганидан кейин ҳам давом эттирганларга ўзига яраша шаръий жазо сифатида жазо тайин қилинади, яъни ёки ҳад урилади, ёки қилган жиноятига яраша шаръий жазо берилади. Агар давлат тикланганидан кейин бундай фосиқ инсонлар ушбу фисқ ишларидан тўхтасалар, юқорида келтирилган,

اَلْإِسْلامُ يَجُبُّ مَا قَبْلَهُ

“Ислом ўзидан олдинги ишларни кесади (яъни, кечиради)” (Ахмад ва Табароний ривояти. Саҳиҳ) деган ҳадисга кўра, Исломнинг давлати тиклангунча қадар бўлган ишлар ушбу ишларни қилганлар билан Аллоҳнинг ўртасида қолдирилади. Ва давлат тикланган вақтида уларни кечириб юборилади, у хоҳ фоҳиша аёл бўлсин, хоҳ зинокор эркак бўлсин.

Лекин бундай ишлар юқорида айтиб ўтилганидек, Ислом ва мусулмонларга доимий зарар етказиб турган натижаларни бериб турган ишлардан бўлмаса, ёки ушбу одамлар Ислом ва муслмонларга озор ва азиятлар беришда танилган, Аллоҳнинг ғазабини ўзларига ҳалол қилиб олган хоинлардан ёки уларга боғлиқ инсонлардан бўлишмаса, ана шундай ҳолатларда бундай инсонлар кечириб юборилади. Акс ҳолда Ислом ва мусулмонларга доимий зарар келтирган ишларни ва Ислом ва мусулмонларга азиятлар беришда кимўзар ўйнаётган хозирги золим куфр малайларинининг ҳолатлари Халифанинг раъйига ташланади. Валлоҳу аълам.

📎📎📎📎📎📎📎📎📎📎